БАКАЛАВР КУРСЛАРИ
Университет бакалавр курслари – Undergraduate Courses замон талабига жавоб берувчи курслар бўлиб, бу курслар талабаларни керакли малака ва кўникмалар билан таъминлайди.
Барча ТХВУ бакалавр курслари Лондон Вестминстер университети томонидан тасдиқланган ва аккредитациядан ўтган. Битирувчилар Вестминстер университетининг дипломи билан тақдирланадилар. Бошқа олий ўқув юртларида камида бир йил тахсил олган талабалар ТХВУ қабул комиссиясининг ўқув талабларидан келиб чиққан ҳолда ТХВУ га иккинчи курсдан шартнома асосида қабул қилинишлари мумкин. Бунинг учун улар ўқув йили бошлангунга қадар 18 ёшга тўлишлари керак бўлади.
Бакалавр курсларимиз билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бизнесда информацион тизимлар
Молия
Иқтисодиёт ва молия
Бизнес бошқаруви
Тижорий ҳуқуқ
Бизнес бошқаруви курси динамик, технологияларга асосланган бизнес дунёсининг муаммоларини ижобий ҳал қилиш учун мўлжалланган. Бу курс талабаларни турли хил ташкилотларда менежмент ва тадбиркорлик роллари учун тайёрлайди ва корхоналар қандай ишлашини тушуниш учун мустаҳкам асос яратади. Шунингдек, у битирувчиларга иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасида – чакана савдодан тортиб, ишлаб чиқаришгача; “яшил” бизнес ҳамда ўз бизнесларини барпо қилишда ёрдам берадиган етакчилик қобилиятлари, бизнесдаги сезгирлик, бирга ишлаш қобилиятлари каби билим ва кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган.
Бизнес бошқаруви бакалавр курси бизнеснинг асосий соҳалари – маркетинг, кадрлар бошқаруви, операциялар бошқаруви, молия соҳалари асосида ташкил қилинган бўлиб, талабаларга бизнес соҳалари бўйича муваффақиятли кадрга айланишда ёки таълимни давом эттиришда керак бўладиган назариялар, восита ва техникалар ҳақида тушунча беради.
Бизнес бошқаруви ва маркетинг курси йўналиши маркетинг бўйича қарорлар қабул қила оладиган битирувчиларни тайёрлайди. Модуллар амалий характерга эга бўлиб, маркетинг бўйича менежерлар, контент менежерлари, бренд менежерлар, маркетинг бўйича таҳлилчилар, рақамли маркетинг менежерлари каби турли хил касб эгаларининг иш мажбурият ва кўникмаларини акс эттиради. Талабалар мода ва турмуш тарзи маркетинги, бренд журналистикаси ва контент стратегияси, хизмат маркетинги, чакана бизнес, рақамли маркетинг, маркетинг аналитикаси ва стратегияси каби замонавий модулларни ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Курсни муваффақиятли битирган талабалар маркетинг бўйича мутахассис, СММ менежерлари, тадқиқот бўйича мутахассис каби турли хил маркетингга тегишли бўлган лавозимларда ишлашлари мумкин бўлади.
Бизнес бошқаруви ва молия курси талабалари молия бўйича билимга эга бўлган бошқарувчилар бўлиб етишадилар. Ушбу курс мураккаб ва актив бизнес муҳитида молиявий қарорларни қабул қилувчи битирувчиларни тайёрлайди. Ушбу дастур кўникмалари корпоратив молиялаштиришнинг замонавий масалаларини тушуниш ҳамда уларни танқидий баҳолаган ҳолда, реал муаммоларни ҳал этишда тадбиқ этилади. Талабалар Амалий корпоратив молия, Инвестициялар ва хатарларни бошқариш, Даромадли қимматли қоғозлар, Бошқарув ҳисоби, Бухгалтерия ҳисоби, Молиявий корпоратив бошқарув каби модулларни ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Курсни муваффақиятли битирган талабалар молиявий таҳлилчи, корпоратив молия мутахассиси, давлат ва хусусий компаниялар молия бўлимлари каби турли даражадаги молиявий лавозимларда ишлашлари мумкин бўлади.
Бизнесда ахборот тизимлари бакалаврлик курси ахборот тизимларини бошқариш соҳасида кучли билимга эга бўлган ва бизнеснинг мазмуни ва эҳтиёжларини чуқур англайдиган мутахассисларни тайёрлашга мўлжалланган. Курс талабаларга бизнес ва ахборот тизимлари дастурининг асосий йўналишлари бўйича таълим беришга, назариялар, воситалар ва методлар ҳақида тушунча беришга қаратилган. Асосий таҳлилий қобилиятларни ривожлантириш билан бир қаторда ўзаро боғлиқ глобал дунёда муҳим бўлган жамоа билан ишлаш, муаммоларни ҳал этиш, мулоқот кўникмалари ва ишбилармонлик қобилиятларини оширишга мўлжалланган.
Бизнесда ахборот тизимлари курси қуйидагиларни ўз олдига мақсад қилиб қўяди:
- Тез ўзгарувчан бизнес ва ахборот технологиялари дунёси ва унинг кенг жамиятдаги ролини тушунадиган битирувчиларни етиштириш;
- Талабаларга кенг кўламли бизнес шароитида бизнес ва ахборот технологиялари функционал йўналиши бўйича ихтисослашиш имкониятини бериш;
- Замонавий ишбилармонлик муҳитида тизимни, маълумотларни таҳлил қилиш, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, бошқариш ва сифатни таъминлаш функцияларини жорий этиш ва қўллаш;
- Талабаларга муаммоларни ҳал қилиш, таҳлил қилиш, танқидий фикр юритиш каби трансфер қобилиятларни ҳамда жамоада ишлаш, мулоқот кўникмалари ҳамда мавжуд иқтисодий ва молиявий тенденциялардан хабардор бўлиш каби турли хил интеллектуал, касбий фазилатларни ривожлантиришга имкон бериш орқали битирувчиларнинг ишга олиниш имкониятларини ошириш.
Тижорий ҳуқуқ бакалаврлик курси талабаларни ҳуқуқий тизимлар асослари ҳақида пухта билим билан таъминлайди. Ҳуқуқ қизиқарли ва интеллектуал жиҳатдан мураккаб фан бўлиб, ҳуқуқий масалалар умумий жамият миқёсида ҳам, ҳар бир индивидуал мисолида ҳам эътиборга олиниши керак. Ҳуқуқий билимнинг трансмиллий ўлчови хусусий ҳамда оммавий қонун доираларида борган сари муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Бакалаврият йўналишида қонуннинг ўрганилиши ушбу мавзу бўйича кучли назарий тушунчаларни ва амалий кўникмаларни ривожлантириш имконини беради.
Тижорий ҳуқуқ бакалаврлик курси талабаларга таълим тажрибасини беради, бу эса битирувчиларга турли хил лавозимларда ишлашга имкон беради. Ўзбек юридик малакаси (Qualifying Uzbek Law Degree) шулар жумласидандир, бу малака келажакдаги юридик мартаба учун поғона бўлиб хизмат қилади. Курс битирувчилари миллий ва хорижий ташкилотларда юрист, юридик фирмаларда малакали адвокат сифатида, турли хил хусусий ва давлат ташкилотларида, шу жумладан давлат агентликларида фаолият юритадилар. Бундан ташқари курсда тадқиқотлар ва касбий қизиқишлар билан боғлиқ бўлган ҳуқуқнинг турли соҳаларини қамраб олган қўшимча модулларни ўрганиш мумкин бўлади. Қўшимча модуллар асосий фанлар билан биргаликда уч йил давомида изчил мустаҳкам билим ҳосил қилади. Дарсларни ҳуқуқ соҳасида кўп йиллик илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ўқитувчилар олиб борадилар. Бундан ташқари 3-курс даврида ўтиладиган Ҳуқуқий амалиёт модули давомида талабалар ўз таълимларига амалий тажрибаларини қўшишлари мумкин бўлади. Талабалар бу имкониятдан фойдаланиб, ҳуқуқ билан боғлиқ соҳаларда амалиёт ўташлари мумкин.
Курс давомида талабалар кенг кўламли кўникмаларни, ҳуқуқий материалларни танқидий баҳолаш орқали интеллектуал қобилиятларини ривожлантирадилар. Таълимга ўзгача ёндашувни ишлаб чиқиш учун талабалар устозлари билан ҳамкорликда ишлайдилар. Мазкур курс қизиқарли, рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи таълим муҳитини тарғиб қилади.
Тижорий ҳуқуқ бакалаврлик курси талабаларга ҳуқуқшунослик бўйича билим беришга мўлжалланган бўлиб, қуйидагиларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган:
- Тижорат қонунчилигидаги ҳуқуқий тамойилларга оид билимларни, тушунчаларни ва уларни тўғри қўллашни таъминлаш;
- Юридик касбий фаолият учун зарур бўлган шахсий ваколатларни ривожлантириш;
- Юридик таҳлилга мантиқий ва танқидий ёндашув, изланувчанлик ва ўрганишга бўлган иштиёқни рағбатлантириш;
- Дастурий ва юридик амалиёт давомида ҳуқуқий тадқиқот қобилиятларини ривожлантириш ва тадқиқот стратегиясини амалга ошириш;
- Ахборотни қайта ишлаш, муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш каби амалий кўникмаларни ривожлантириш;
- Тижорат ҳуқуқининг ривожланишидаги замонавий ҳуқуқий тенденциялардан пухта хабардорликни таъминлаш;
- Ўз-ўзини акс эттириш ва мустақил таълим олишни ривожлантириш.
Молия бакалаврлик курси мустаҳкам молиявий асослар ва ҳисоблаш кўникмаларини, шунингдек, аниқ молиявий методларнинг мантиғини тушуниш ва молия соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларда тегишли қарорлар қабул қилишни ўргатадиган ўқув дастури ҳисобланади. Курс талабалари аналитик фикр юритишни ҳамда молия соҳасидаги асосий масалаларга танқидий баҳо беришни ўрганадилар. Талабалар молиявий фаолият кўрсатиладиган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий шароитлар ҳақида тушунчага эга бўладилар. Курс асосий таҳлилий қобилиятларни ривожлантириш билан бир қаторда глобаллашган дунёда муҳим бўлган жамоада ишлаш, муаммоларни ижобий ҳал қилиш, мулоқот ва ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга мўлжалланган. Курс давомида талабалар ишга жойлашиш ёки ўқишларини давом эттиришда зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллайдилар.
Молия бакалаврлик курси қуйидагиларни ўз олдига мақсад қилиб қўяди:
- Корпоратив молия, банк, суғурта ва молия билан боғлиқ фаолиятларга оид турли хил бизнес шароитларида талабаларнинг таҳлил усулларини қўллаш ва баҳолаш қобилиятларини ривожлантириш;
- Мавжуд ва ривожланаётган назарияларни компьютерга асосланган статистик усуллар ва моделлар ёрдамида баҳолаш, уларни аналитик ва симуляция дастурлари ёрдамида қўллаш орқали талабалар маҳоратини ва билим базасини ривожлантириш учун платформа яратиш;
- Бизнесни таҳлил қилиш, қарор қабул қилиш, рискларни бошқариш, инвестицияларни баҳолаш, танлаш ва бошқариш, молиявий стратегия ва молиявий хизматларни бошқариш каби профессионал кўникмаларни ўрганиш ва амалиётга ўтказиш учун имкониятлар яратиш;
- Талабаларга молия тамойилларини реал сценарийларда тадбиқ этиш, хулосалар чиқариш ва шунга яраша ҳаракатларни тавсия этиш ва қўллашга ўргатиш;
- Муаммоларни ҳал қилиш, таҳлил қилиш, тадқиқот ва танқидий фикр юритиш, жамоада ишлаш, мулоқот қобилиятлари ҳамда мавжуд иқтисодий ва молиявий тенденциялардан хабардор бўлиш каби турли хил интеллектуал, касбий фазилатларни, трансфер қобилиятларини ривожлантиришга имкон бериш орқали битирувчиларнинг иш қобилиятларини ошириш;
- Талабаларга тегишли иш тажрибасини олиш имкониятини бериш ва ишга олиниш имкониятларини ошириш учун кўникма ва қобилиятларини ривожлантиришда қўллаб-қувватлаш.
Иқтисодиёт ва Молия бакалаврлик курси талабаларга иқтисодиёт ва молиянинг асосий йўналишлари бўйича таълим бериш учун мўлжалланган. Курс талабаларга иқтисодиёт ва молия тизимлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни тушунишга имкон беради, шу билан бирга иқтисод, молия ва тегишли соҳаларда ишлаётган пайтларида ўз мажбуриятларини бажаришга имкон берадиган назариялар, воситалар ва методларни ўргатади. Иқтисодиёт ва молия комбинацияси битирувчилар учун рақобатли меҳнат бозорида муваффақиятли ходим бўлишларида ажойиб платформа тақдим этади. Дастур талабаларнинг қизиқишлари ва мақсадларига мос равишда тузилган ихтиёрий модуллар ва асосий модулларни таклиф этади. Мазкур модуллар комбинацияси талабаларга реал ҳаётдаги масалаларни турли хил қарама-қарши нуқтаи назардан кўриб чиқишига имкон беради. Талабалар иқтисодчининг аналитик ва миқдорий усулларини ўрганадилар, бу эса ўз навбатида бир қатор профессионал ва академик мартабалар учун ажойиб асос яратади.
Иқтисодиёт ва молия бакалаврлик курси қуйидагиларни ўз олдига мақсад қилиб қўяди:
- Тез ўзгарувчан глобал иқтисодиётнинг маъносини тушунадиган битирувчиларни яратиш;
- Турли хил иқтисодий ва молиявий муҳитнинг замонавий масалалари ва муаммоларига фаол муносабатда бўлиш учун зарур бўлган билим, кўникма ва қобилиятларни ривожлантириш;
- Талабаларни иқтисодий ва молия соҳасидаги тушунчаларни асослайдиган билимлар ва тахминлар устида мулоҳаза юритишга ундаш ва шу билан боғлиқ сиёсат натижаларини таҳлил қилиш;
- Талабаларга иқтисодиёт ва молия соҳасида фаолият юритиш ёки таълимни давом эттиришлари учун асос бўладиган бир қатор мутахассисликлар бўйича ўқиш имконини бериш;
- Талабаларга меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишга имкон берадиган муомила қилиш усуллари, муаммоларни ҳал қилиш қобилиятлари, тадқиқот усуллари ва танқидий фикрлаш кўникмаларини каби бир қатор интеллектуал, профессионал ва трансфер қобилиятларини ривожлантиришга ёрдам бериш;
- Корпоратив ва давлат секторлари, хорижий ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларда ишга жойлашишга тайёр бўлган юқори мотивацияли ва масъулиятли шахсларни тайёрлаш.